
Абу Мансур Имом Мотуридий ўз даврининг йирик мутакаллими ва ислом оламининг машҳур олими саналади. Аллома ўзининг ноёб асарлари билан ислом динидаги соғлом эътиқодни сақлаш учун кўплаб асарлар ёзган. Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг йирик тармоғи бўлган – мотуридийлик таълимотини бутун дунё мусулмонларига исломнинг таянчи сифатида ўргатилиши алломанинг раббоний олим эканлигидан далолат беради.
Имом Мотуридий бутун Ислом оламида ўзининг серқирра ва бой илмий мероси билан замондош ва кейинги давр уламоларини ҳайратга солган. Имом Мотуридийга Аллоҳ таоло илм йўлида шундай фаросат, ақл ва заковатни берганки, асарлари асрлар оша мусулмон ўлкаларида дарслик сифидатида ўқитилиб келинади. Турли хил фитна ва бузуқ ғояларга ақлий ва нақлий асосда Имом Мотуридий ўз замонида адашганларга раддия бергани у кишининг илмга бўлган истеъдодидан дарак беради. “Таъвилот ал-Қуръон” асари бутун мусулмон оламида ихтилофларга ечим топувчи муҳим ақидавий асарлардан биридир. Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ҳақида буюк ватандошимиз Абу Муин Насафий шундай дейди: “Таъвилот ал-Қуръон” – унга ҳеч бир китоб тенг кела олмайдиган асардир. Бу фан бўйича бундан аввалгилар ёзган китобларнинг бирортаси ҳам унга яқин кела олмайди”.[1]
Дарҳақиқат, Имом Мотуридийнинг асарлари ўзининг ноёблиги ва ислом динидаги соф эътиқод масаласига бағишлангани билан бошқа исломий асарлардан ажралиб туради. Аллома ҳар бир фикр ва қарашларини Қуръон, суннат ва мазҳаб раъйи билан таяниб баён этади. Бундан ташқари халқнинг ижтимоий келиб чиқишидан келиб чиқиб эътиқодини тўғирлашга интилади. Эътиқод билан боғлиқ бўлган ҳар бир мавҳум масалани ёритишда илмийлик асосида ёндашади.
Тарихдан маълумки, Имом Мотуридий асарларига атаб дунёнинг кўплаб олимлари шарҳлар ёзган. Айниқса, Мотуридий таълимоти Мовароуннаҳр, Хуросон мамлакатларига кенг ёйилишига сабаб бўлди. Бунга Имом Мотуридийнинг издошлари илмий фаолияти ҳиссаси беқиёсдир. Бу зотнинг илмий мероси ҳақида кейинги давр уламолари кўплаб фикр-мулоҳазалар билдиришган. Тошкўпризода “Мифтаҳу-ссаода” асарида Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросига шундай баҳо берган: “Аҳли сунна вал жамоанинг калом илмидаги раҳнамолари икки кишидир. Бири ҳанафий бўлса, иккинчиси шофеийдир. Ҳанафий раҳнамо Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Имому-л-ҳуда, Раис аҳли сунна вал жамоа Абу Мансур Мотуридийдир. Шофеий раҳнамо эса Шайх аҳли сунна, Раису-л-жамоа, Имому-л-мутакаллимин Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир”. [2]
Албатта, Имом Мотуридий асос солган мактаб бугун Мовароуннаҳрда Моутридийлик таълимотига замин яратди. Бу зот ўзининг “Китобут тавҳид” ва “Таъвилот-ал Қуръон” асарлари билан дунёга мотуридийликнинг кенг тарқалишига замин яратади.
Мотуридийлик таълимоти ёйилишига унинг шогирдлари Абул Ҳасан Рустуғфаний (ваф. 350/961 й.), Абу Салама Самарқандий, Абу Исма Бухорий, Абу Аҳмад Иёдий, Абу Бакр Иёдий, Абдулкарим Пазадавий, Ҳаким Самарқандий, Абул Муин Насафий, Абдулюср Паздавий каби улуғ зотларнинг илмий фаолияти таҳсинга сазовор. Кейинги давр мутафаккирлари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўз асарларида “замоннинг аълам уламоси”, “султонул муиззин” номлари билан тилга олганлар. Мотуридийнинг илмий фаолияти ҳақида бу каби тавсифлар бўйича жуда кўп мисол келтириш мумкин.
Маълумки, Мовароуннаҳр уламолари ислом динини илму маърифат дини сифатида тарғиб қилиб келишган. Шунинг учун Термизийлар, Чағонийлар, Насафийлар, Шошийлар, Самарқандийлар ва Бухорийлар тахаллуси билан ёзилган минглаб асарлар дунё юзини кўрди. Сўфи Оллоёр ҳам Имом Мотуридийнинг етук издоши сифатида ўз асарларини тасаввуф, фиқҳ, калом йўналишида ёзди.
Сўфи Оллоёр ақида ва калом йўналишида ёзилган “Саботул ожизин” асарида Мотуридийлик таълимоти, аҳли сунна вал-жамоага эргашиш зарурати ҳақида тўхталиб ўтади:
Жамаот аҳли суннат тузган эрлар,
Дерлар: турфа нозикдур бу йўллар.
Улуғ йўлни қўйиб ўлгунча эй ёр,
Қадам қўйма тояр ерларга зинҳор.[3]
Бу ердаги улуғ йўлдан мурод – “аҳли сунна вал жамоа” йўлидир. Аҳли сунна вал жамоага эргашиш илоҳий раҳматга сабаб бўлиши ҳамда ақоид илми уламоларининг фикри бўйича “жамоат билан бирга бўлишда илоҳий раҳмат ва савоб борлиги, жамоадан айро бўлиб йўришда тойилиш борлиги айтиб ўтилган”. Имом Мотуридий аҳли сунна вал-жамоа йўлини мустаҳкам, ишончли, соф йўл сифатида асарларида тушунтиради.
Сўфи Оллоёр ўз асарларини Имом Мотуридийнинг мотуридийлик таълимоти асосида шакллантирганини қуйидаги мутаносиблик жиҳатлардан аниқлаш мумкин.
Халқул афъол – Аллоҳ таоло бандаларнинг феълини ўзи яратган. Банда ўз феълини яратишга қодир эмас. Балки Аллоҳ таоло яратган феълни касб этади. Бундай олганда, Аллоҳ феълларнинг холиқи бўлса, бандалар унинг косибидир. Сўфи Оллоёр айтади:
Халойиқнинг жамъи феълу қавли,
Эмас бир зарраи бетақдири Мавли.
Имом Мотуридий “Таъвилот” асарида банданинг феълини Аллоҳ таоло яратишини очиқ-ойдин баён этиб, ўз даврида адашган оқимларга нақлий ва ақлий далиллар билан раддия беради.[4]
Зарардур, нафъдур ё хайр шардур,
Яқин билгил қазо бирла қадардир.[5]
“Фиқҳул акбар” шарҳида Мулла Али Қори қазо ва қадарни шундай таърифлайди: “Қазо ва қадар яратиш маъносидадир. Яхшини ҳам, ёмонни ҳам Аллоҳ таоло яратади. Яхшининг яхшилиги, ёмоннинг ёмонлиги, аччиқнинг аччиқлиги, шириннинг ширинлиги Аллоҳдан бўлади”.[6]
Имоннинг кўпайиши ва камайиши борасида Сўфи Оллоёр мотуридийлик эътиқодини ўзига хос бир назмий услубда кенг китобхонга тушунтиришга интилган.
Яқин билгилки, иймон бўлмагай кам,
Эрур бирдек, зиёда бўлмагай ҳам.
Бу сўздир аҳли суннатни тариқи,
Жадал этди бу сўзда ҳар фариқи.
Бўлур аммо амал зойиду нуқсон,
Топар яхши амалдин ажр инсон[7].
Имом Мотуридийнинг кейинги издошлари Мула Али Қори “Фиқҳ ул-акбар” шарҳида айтадики: “Имон кўпаймайди ҳам, камаймади ҳам. Чунки имон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлишдир”.[8]
Аллоҳнинг исм ва сифатлари ҳақида Имом Аъзам шундай дейди: “Аллоҳ таоло Ўзининг исмлари ва сифатлари билан ҳамиша бўлган ва ҳамиша бўлади. Унинг ҳеч бир исми ва сифати кейин пайдо бўлмаган”.[9] Сўфи Оллоёр ўз асарида Аллоҳ таолонинг барча сифатлари азалий эканлиги, Ўз илми билан ҳамиша олимлиги, қудрати билан қодирлиги, каломи билан Мутакаллимлиги, Унинг сифатлари абадий ўзгармаслигини маснавий жанридаги шеърлар билан тушунтиради.
Ҳаёту илму қудрат ҳам басар, самъ,
Иродаву калом, таквиндур, эй шамъ.[10]
Басар ҳам самъ анинг васфи билошак,
Басар маъниси кўрмак, самъ – эшитмак.
Қулоқ, кўз бандага ҳожат эрур бас,
Худо ҳеч қайсининг муҳтожи эрмас.[11]
Имом Таҳовий “Ақидаи Таҳовийя” асарида келтиришича: “Аллоҳ таоло Ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам, исмларида ҳам, ишларида ҳам, ҳукмларида ҳам ёлғизлиги, шериги йўқлигига имон келтириш…”.[12]
Жабр ва ихтиёр мавзуси ҳақида калом илми олимлари томонидан турли хил таърифлар берилган. Бироқ энг мўътадил ва тўғриси мотуридийлар ва ашъарийлар томонидан баён этилган. Маълумки, мотуридийлик таълимотида Имом Аъзамнинг “Фиқҳул акбар” асари таъсири бениҳоя. Жабр ва ихтиёр масаласида шундай дейилган: “Аллоҳ таоло бандаларидан бирортасини куфрга ҳам, имонга ҳам мажбурламаган. Уларни мўмин ёки кофир этиб яратмаган. Лекин уларни шахс қилиб яратган. Имон ва куфр бандаларнинг феълидир”.[13] Сўфи Оллоёр айтадики, бизга Аллоҳ таоло ихтиёр неъматини берган, банда ўз ихтиёри билан яхшилик ёки ёмонликка қараб йўл олиши мумкин. Яхшиликка интилса, Аллоҳнинг розилиги, ёмонликка интилса, Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлади.
Агарчендеки қўймас эркимизга,
Берибдир ихтиёри жузъий бизга.[14]
Бандаларнинг амалларини Аллоҳ таоло Ўзи яратади, бироқ жузъий ихтиёрни уларга беради. Танлаш инсоннинг ўзига боғлиқ. Соддароқ қилиб тушутирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бандалар феълининг Холиқи ва инсоният эса косибдир. Бандаларнинг барча амаллари ҳаракат ва туришлари ҳақиқатда уларнинг касбларидир.
Аллоҳ бандаларига ҳеч қачон зулм қилмайди. Балки банданинг тоқатига қараб уни мукаллаф қилади. Тўғри ва нотўғри йўлни Ўз Китоби билан очиқ-ойдин кўрсатди. Банда тоқатидан келиб чиқиб унга риоя этиши зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ[15]
(Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди.)
Сўфи Оллоёр ўз асарида соғлом эътиқод билан боғлиқ барча масалаларни шеърият услуби билан халқ тилида тушунтиришга эришган. Имом Таҳовий айтади: “Аллоҳ таоло уларни тоқатлари етадиган нарсадан бошқага таклиф этмагандир. Улар У Зот таклиф қилган нарсагагина тоқат қилурлар”.[16]
Худо зулм этмади ҳеч бандаларга,
Вале туз йўлни кўрсатди аларга.[17]
Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликни Ўзи яратади. Яхши иш фазилат ва олий мукофотларга сабаб бўлиши ҳамда ёмон иш разиллик ва жазога восита бўлиши Китоб ва Суннат асосида очиқ айтиб ўтилган. Аллоҳ таоло оламни яратишида илоҳий ҳикмат борлиги маълум. Яхши ишнинг ҳам, ёмон ишнинг ҳам ҳикмати охирида маълум бўлади. Яхши иш деб ўйлаган нарсалар баъзида ёмон иш бўлиб чиқиши мумкин. Ёмон деб қаралган нарса аслида яхши бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун Имом Мотуридий айтади: “Бунинг асли шуки, оламдаги бирор нарсани кўрсангиз, албатта, унда ажиб ҳикмат, гўзал далил бор. Ҳакимлар унинг моҳиятини идрок қилиш ва қандай қилиб бундай бўлиб қолганини англашдан ожиз қоладилар”.[18]
Муносиб иш эрур ё номуносиб,
Ани қилмоққа банда бўлди косиб.
Ўшанча ихтиёри жузъийдин боз,
Топар банда жазо кўп қилса ё оз.
…Худо рози эмас исёнимзга,
Ризосидир Ани эҳсонимизга.[19]
Сўфи Оллоёр “Саботул ожизин” асарида мусулмон кишининг эътиқодини аҳли сунна вал жамоа уламоларининг асарлари асосида теран хулосалар ва мухтасар баёнлар билан назмий услубда қайд этади. Асарда келган навбатдаги байтларда ҳам мутафаккир назм йўли билан эътиқодий масалаларни кенг ёритиб беради.
Ирода борасида Имом Мотуридий “Тавҳид” китобида келтиради: “Бизнинг наздимизда иродага далолат бу – ҳақиқати бир-биридан тафовут қилишига қарамасдан, ҳикматга, Аллоҳнинг ягоналигига далолат қилган ҳолда махлуқотнинг юзага чиқишидир. Бу эса бир нарсанинг қандай бўлса, шундай ҳолида бўлишини ирода этишга далолат қилади”.[20]
Ирода қилса ул Ҳаййи тавоно,
Қилур бир лаҳзада билмасни доно.[21]
Аллоҳнинг иродаси билан бутун дунё низоми тартибга келгани ҳамда махлуқотлар Аллоҳнинг иродасидан ташқарига чиқмаслиги айни ҳақиқатдир. Нарса қандай бўлса, шундай ҳолида бўлишни У зот ирода қилади. Ҳатто инсон оёғига қадалган тикан ҳам Унинг иродасидан ташқарида эмас.
Қадалса бир тикан ё тушса бир қил,
Иродасиз эмас ҳеч иш – яқин бил.[22]
Аллоҳнинг қудрати тафаккур қилинади, бироқ Унинг зоти тафаккур қилинмайди. Чунки У Зот ҳеч бир махлуқотга ўхшамайди. У тенги йўқ бўлган Ягона илоҳдир. Сўфи Оллоёр ҳам айтадики, эй инсон фарзанди Унинг қудрати ва санъатини тафаккур эт, лекин Зотини тафаккур этма.
Вале фикр эт Худонинг қудратига,
Ажойиб ишларига, санъатига.[23]
Аллоҳ таолога қул, макон ва бошқа махлуқотларга хос бўлган жиҳатлар билан жисму маконни нисбат беришни аҳли сунна вал-жамоа уламолари қаттиқ танқид қилган. Имом Мотуридий бу борада шундай дейди: “Инсоннинг “У қаерда?” деб сўраши макон ҳақида сўраш ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, У Зот бундан покдир. Аллоҳ таоло нарсаларга масофа жиҳатидан “ёпишиш” ёки улардан “ажраш”, шунингдек, уларнинг ичига “тушиш” ва улардан “чиқиш” каби сифатлар билан сифатланмайди”.[24] Шу сабабли, нарсага далолат қилувчи нарса билан Аллоҳ сифатланмайди. “Яд” масаласининг қандайлиги, унинг кайфиятига киришилмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда нимани ирода қилган бўлса, биз шунга имон келтирамиз.
На этса, эрки бору қудрати бор,
Қўли бирла яратди, дема зинҳор.[25]
Аллоҳнинг мислсиз жамолини кўриш баёнида “Фиқҳул акбар” шарҳида “Бу дунёда Аллоҳ таолони аён кўриш мумкин эмас. Чунки бу дунё фонийдир. Охират эса боқийдир. Аҳли сунна олимлари бу дунёда ҳеч ким Аллоҳ таолони кўролмайди, дейишган” Ардабилий “Ал-Анвар” асарида бундай дейди: “Бир киши агар дунёда “Мен Аллоҳни кўзим билан кўряпман” ёки “Аллоҳ мен билан сўзлашмоқда” деса, ҳақиқатда диндан чиқар. Яъни ундай кимса йўлдан адашган, озгандир, ёмонлардандир”. Дарҳақиқат бу каби сўзларни айтиш учун инсон соғлом ақл соҳиби бўлмаслиги керак. Аллоҳ таолони инсон зоти бу дунёда кўролмаслигини Сўфи Оллоёр қисқа баёнлар билан изоҳ бериб ўтади:
Тирилсанг охиратда эй харидор,
Худойим кўрсатур дўстларга дийдор
Вале кўрмакни бечуну чунон бил,
Жиҳатсиз, мислсиз бил, бемакон бил.[26]
Қиёмат куни бандалар жаннатга кирганида Аллоҳнинг жамолини кўришини аҳли сунна олимлари якдил иттифоқ қилишган. Инсон бу дунёда Аллоҳнинг жамолини кўролмаслиги бўйича очиқ баёнлар кўрсатилган. Мутафаккир Аллоҳ “дийдор”ини кўришни кайфиятсиз, ўхшашсиз ва жисмдан холи ҳолда тасаввур қилишни уқтиради. Зеро Аллоҳ махлуқотларнинг барча сифатларидан муназзаҳдир. У Зот ягона, пок ва олийдир.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Сўфи Оллоёр XVII-XVIII асрларда Мовароуннаҳр заминида мотуридийлик мактабида шаклланган таълимотни назм ва наср йўли билан халқчил тилда баён этишга эриша олган улуғ олимлардандир. Унинг қаламига мансуб “Маслакул муттақин”, “Саботул ожизин”, “Муродул орифин”, “Махзанул мутеъин” асарлари соғлом эътиқодни тасаввуфий, фиқҳий, эътиқодий ва тарихий нуқтаи назардан ёритган.
Имом Мотуридий таълимотини Сўфи Оллоёр назм йўли билан баён этишидаги яна бир ҳикмат – соғлом эътиқоднинг авом халқ орасида кенг ёйилишига интилганидир. Буни мутафаккир халқ қалбига тез кириб борадиган услуб – шеъриятдан ва бадиий санъатлардан унумли фойдаланганида кўриш мумкин.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари – Жамаҳматов Каромиддин Айнилло ўғли
[1] Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот ал-Қуръон (30 жуз). Таржимонлар: Алоуддин Ҳофий ва бошқалар. – Самарқанд: “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази” нашриёти, 2021. – Б. 7.
[2] Имом Мотуридий [Матн] : рисола / Ш.Зиёдов. – Тошкент: «Ўзбекистон халқаро ислом академияси» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2022. –
[3] Рисолаи азиза. Саботул ожизин шарҳи/нашрга тайёрловчи Б. Ҳасан. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашри, 2000. – Б. 34.
[4] Имом Мотуридий. Таъвилоту аҳлис сунна. / 10 жилд. – Байрут: Дорул кутубил илмия. – С. 114-115.
[5] Рисолаи азиза. Саботул ожизин шарҳи/нашрга тайёрловчи Б. Ҳасан. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашри, 2000. – Б.5.
[6] Мулла Али ибн Султон Муҳаммад Қори. Ал-фиқҳ ул-акбар/араб тилидан ўзбек тилига таржима қилувчи Муҳаммад Шариф Жуман ва шарҳловчти Йўлдош Эшбек. – Тошкент: Munir, 2021. – Б. 38.
[7] Рисолаи азиза. Саботул ожизин шарҳи/нашрга тайёрловчи Б. Ҳасан. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашри, 2000. – Б. 35.
[8] Мулла Али ибн Султон Муҳаммад Қори. Ал-фиқҳ ул-акбар/араб тилидан ўзбек тилига таржима қилувчи Муҳаммад Шариф Жуман ва шарҳловчти Йўлдош Эшбек. – Тошкент: Munir, 2021. – Б. 264.
[9] https://madrasa.uz/books/fiqhul-akbar-1.pdf