
Аннотация. Мазкур мақолада Имом Термизийнинг машҳур асари «ал- Жомиъус сунан» асарининг шарҳлари ва унинг қисқартирилган вариантлари тўғрисида маълумотлар берилган. Жумладан, «Сунани Термизий» номи билан шуҳрат қозонган ушбу асарнинг 25 та шарҳи ҳақида сўз юритилган.
Калит сўзлар: ҳадис, шарҳ, мухтасар, қўлёзма, тошбосма, урду, муҳаддис.
Abstract. This article provides information about the commentaries on the famous work of Imam Tirmidhi «Al-Jameh al-Sunan» and its abridged versions. In particular, 25 commentaries are mentioned on this work, known as Sunan at- Tirmidhi.
Keywords: hadith, commentary, summary, manuscript, lithograph, Urdu, muhaddith.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг «Жомиъус сунан» асарига Аллоҳ таоло мақбуллик бағишлаган бўлиб, у кейинги давр олимлари, аҳли илмлари томонидан қайта-қайта ўрганилган, тадқиқ ва таҳлил қилинган. Ҳозиргача бу муқаддас анъана давом этиб келаётгани қувонарлидир. Асрлар давомида
«Жомиъус сунан» қўлёзмалари дунёнинг турли томонларига тарқаб кетган. Машҳур ва моҳир хаттотлар уни қайта-қайта китобат қилганлар. Жумладан, Қуддусда яшаган Абу Наср Мўътаман Сожий (445-507/1053-1113) муҳаддис бобомизнинг мазкур тўпламини олти марта тўлиқ кўчириб чиққани нақл қилинган.
Имом Термизийнинг «Жомиъус сунан» асари матни илк бор Мисрнинг Булоқ шаҳрида 1292/1875 йили нашр қилинган бўлиб, унинг ҳошиясида «ал- Азҳар»нинг уламоларидан Аҳмад Рифўий Моликий раҳимаҳуллоҳнинг изоҳлари ўрин олган эди. Шундан сўнг Деҳлида бир неча бор нашр қилинган.
«Жомиъус сунан»га қанчадан-қанча тажридлар, мустахражлар, ҳошиялар, мухтасарлар тузилган. Жумладан, Ибн Қайсароний (448-507/1057- 1114) раҳимаҳуллоҳ «Сунани Термизий»нинг «атроф»ларига бағишланган 10 жилдли манба яратган. «Атроф» ҳадис китобларининг бир тури бўлиб,
бугунги кундаги кўрсаткичлар туркумига киритиш мумкинлигини олдин қайд қилиб ўтган эдик.
«Жомиъус сунан»га битилган шарҳларнинг саноғини аниқлаш имконсиз. Мазкур шарҳлар ўрганилар экан, уларни нашр этилган; қўлёзма шаклида мавжуд, лекин чоп этилмаган ҳамда бугунги кунгача сақланиб қолмаган каби учта туркумга тасниф қилиб ўрганиш мумкин. Олимларнинг асарларни шарҳлашда қўллаган услуб ва шартлари уларнинг оммалашуви ва эътироф этилишида муҳим омил ҳисобланади. «Сунани Термизий»га нафақат аҳли суннат ва жамоат олимлари, балки ундан ташқари бўлган тоифа вакиллари томонидан ҳам шарҳ ва таълиқлар битилганини айтиб ўтиш ўринли. Лекин асарга битилган шарҳ ва таълиқларнинг кўпчилиги аҳли суннат ва жамоатнинг энг катта ва салмоқли мазҳаби – ҳанафийлик олимлари ҳиссасига тўғри келади. Шарҳларнинг аксарияти борасида бу ерда маълумот беришни лозим топдик:
«Шарҳ Жомиъ ат-Термизий». Унинг муаллифи «ал-Ҳокимул Кабир» лақаби билан танилган Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад Найсобурий Каробисий (285-378/898-988)дир. Ушбу шарҳ бизнинг кунимизгача етиб келмаган бўлиб, «Жомиъус сунан»га битилган илк шарҳлардан бири ҳисоб- ланади. Ҳоким Кабир Найсобурий бир муддат қадим Шош – Тошкентда қозикалон бўлиб фаолият олиб борган.
«Оризатул аҳвазий би шарҳ Саҳиҳи Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи моликий мазҳабининг таниқли фақиҳи ва муҳаддиси Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Арабий Муофирий Ишбилий (468-546/1076-1151) бўлиб, у зот «Ибн Арабий Моликий» номи билан танилган. Шарҳ анча батафсил бўлиб, асосан, унда муаллиф Абу Исо Термизий раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳга оид фикрларини шарҳлашга ва уларни тўлдиришга эътибор берган. Шунингдек, шарҳда ҳар бир ҳадис тўрт жиҳатдан таҳлил қилинган. Ҳадис исноди таҳлил қилинган; ҳадис матни наҳвий жиҳатдан кўриб чиқилган; ҳадисдан олинадиган фиқҳий ҳукмлар таҳқиқ этилган; ақидавий жиҳатига эътибор қаратилган. Шунинг учун кейинги даврнинг барча муҳаддис шориҳлари ушбу асарга мурожаат этган.
Шунингдек, «Оризатул аҳвазий»да «ал-Илалус сағир» асари ҳам шарҳланган.
Китоб 1299/1882 йили ва 1350-1352/1931-1933 йилларда Конипур ва Қоҳира шаҳарларида 13 жилдда ҳамда 1997 йили Байрут шаҳрида жойлашган машҳур «Дорул кутубил илмия» нашриётида 14 жилдда чоп қилинган.
«Ан-Нафҳуш шазий фи шарҳ «Жомиъит Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи Ҳофиз Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад
Яъмурий (671-734/1273-1334) бўлиб, у Ибн Саййид Носс Андалусий номи билан машҳур. Бу шарҳ кенг тарқалган бўлса-да, муаллиф уни охирига етказа олмаган (Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳёит туросил арабий, 2004. – Б. 320.).
Яъни Ибн Саййид Носс «Жомиъут Термизий»ни бошидан 316 та ҳадисни шарҳлашга улгурган. Тадқиқотчилар мазкур шарҳ агар охирига етказилганида, «Жомиъус сунан»нинг энг мукаммал ва энг муфассал шарҳларидан бири бўлар эди деганлар.
«Такмила «ан-Нафҳуш шазий». Ушбу шарҳ юқорида айтилган Ибн Саййид Носснинг «ан-Нафҳуш шазий» номли шарҳининг тўлдирувчиси ҳи- собланади. Асар Зайнуддин Абдураҳмон ибн Ҳусайн Ироқий Курдий (725- 806/1325-1404) қаламига мансуб. Зайниддин Ироқий мазкур шарҳни ҳақиқий шориҳнинг услубида давом эттириб, охирига етказишга ҳаракат қилиб кўрган. Лекин у зот ҳам уддасидан чиқа олмаган, вафоти туфайли бу шарҳ ҳам охирига етмаган.
«Шарҳ завоидит Термизий алас Саҳиҳайн». Ушбу шарҳ муаллифи Сирожуддин Абу Ҳафс Умар ибн Али ибн Аҳмад Ансорий Андалусий (723- 804/1323-1402) Ибн Мулаққин куняси билан танилган. Китобда Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламларида келтирилмаган ҳадислар шарҳ қилинган. Шунингдек, «Сунани Абу Довуд»да келмаган ҳадислар шарҳига катта эътибор қаратилган.
«Шарҳул Ҳофиз Ибн Ҳажар». Бу шарҳ таниқли муҳаддис, ўзининг
«Саҳиҳи Бухорий»га битган «Фатҳул Борий» номли мукаммал ва муфассал шарҳи билан шуҳрат қозонган олим Ибн Ҳажар Асқалонийнинг қаламига мансуб. У зот «Фатҳул Борий» асарида мазкур шарҳини эслатиб ўтганлар (Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий. 1-жилд. – Риёз: Дору Таййиба, 2005. – Б.563.).
Лекин ҳозиргача ушбу машҳур шарҳнинг қўлёзмаси топилиб, нашр қилинган эмас. У алломанинг «ал-Лубоб фи шарҳ қавлит Термизий ва фил боб» номли асари ҳам бўлиши мумкин. Маълумки, Имом Термизий раҳи- маҳуллоҳ томонидан ҳар бир мавзуда кимлар ҳадис ривоят қилганига ишора қилиб кетилган. «Ал-Лубоб» ушбу ишора қилинган ҳадислар тахрижи ва шарҳига бағишланган.
- Булқиний». Абу Ҳафс Сирожуддин Умар ибн Руслон ибн Насир Мисрий Киноний Асқалоний Булқиний (724-805/1324-1403) асари бўлиб, Мисрда қози ва муфтий бўлган. Шарҳ «ал-Арфуш шазий ала
«Жомиъут Термизий» деб аталган. Бироқ у охирига етказилмай қолган.
Муаллиф шофиъий мазҳаби уламоларидан бўлиб, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг устози ҳисобланади.
«Шарҳ Ибн Ражаб». Бу асар ҳанбалий мазҳаби олими Зайнуддин Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Ҳанбалий (736-795/1336-1393)никидир.
«Табақоти ҳанобила» ҳамда «ал-Қавоидул фиқҳия» асарлари билан ҳам шуҳрат қозонган. «Кашф аз-зунун» асарида айтилишича, ушбу шарҳ йигирма жилд бўлган ва фитна пайтида ёниб кетган (Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. 1- жилд. – Байрут: Дор эҳёит туросил арабий, 2004. – Б.559.).
Мазкур шарҳнинг бир қисми ва «Сунани Термизий»нинг иловаси бўлмиш «ал-Илалус сағир»га битилган шарҳ сақланиб қолган.
«Қутул муғтазий». Жалолиддин Суютийнинг ушбу асари «Сунани Термизий»га ёзилган шарҳларнинг энг ихчамларидан ҳисобланади. Унинг Ҳиндистон ва араб диёрларида бир қанча нашрлари мавжуд. Мағриб ула- моларидан Али ибн Сулаймон Димноний (1234-1306/1819-1888) «Қутул муғтазий»га ҳошия ёзиб, кенг изоҳлаб чиққан.
«Шарҳ Жомиъит Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи «Муҳйийус сунна» ва «ал-Фарро» лақаблари билан танилган Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд Бағавий (436-510/1044-1117)дир. У зот «Мишкотул масобиҳ»нинг асли бўлмиш «Масобиҳус сунна» асари билан шуҳрат қозонган. Шунингдек, тафсирга оид «Маолимут танзил» номли тафсири машҳур. Олимнинг
«Сунани Термизий»га битган шарҳи айтилган бўлса-да, ҳалигача топилиб нашр қилинмаган.
«Шарҳ Муҳаммад ибн Тоҳир Фаттаний». Маждуддин Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Али Ҳанафий Фаттаний Гужаротий (913-986/1508-1579)нинг шарҳи. У ҳиндистонлик таниқли муҳаддислардан биридир. У зот ўзининг мавзуъ ҳадисларга бағишланган «Тазкиратул мавзуот» асари билан шуҳрат қозонган. У зот «Сиҳоҳи ситта»нинг ғариб, нодир ва ноёб сўзлари шарҳига бағишланган «Мажмаъ биҳорил анвор фи ғароибит танзил ва латоифил ахбор» номли китобида Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг «Жомиъус сунан» асарига алоҳида шарҳ битганини қайд қилиб қолдирганлар. Бироқ бу шарҳ ҳозиргача топилган эмас.
«Шарҳус Синдий». Абу Таййиб Раҳматуллоҳ Синдий (ваф. 993/1585) томонидан битилган шарҳ. У зот «Лубобул маносик» асари билан шуҳрат қозонган. «Жомиъус сунан»га битган шарҳи Мисрда нашр қилинган.
«Шарҳ Сирож Аҳмад». Мазкур шарҳ 1230/1815 йилда вафот этган Шайх Сирож Аҳмад Сарҳиндий Ҳанафий қаламига мансуб бўлиб, Конипурда 1295/1878 йили нашр этилган. У форс тилида битилган шарҳ ҳисобланади.
«Туҳфатул аҳвазий». Абдураҳмон Муборакфурий асари. У бугунги сохта салафийлар орасида жуда машҳур китоблардан бири ҳисобланади. Унинг муқаддимасида ҳадис илмига оид муҳим маълумотлар келтирилган. Бироқ муаллиф бемазҳабликка мойил бўлиб, мазкур асарида ҳанафийларга инсоф чегарасидан ташқари чиқиб таъна ва раддиялар бериб кетган. Имом Шавконий ҳам «Найлул атвор»да ушбу асардан унумли фойдаланган. Агар ҳанафийларга қарши мутаассибона фикрлари бўлмаганда эди, мазкур шарҳ жуда фойдали асарлардан бўлиб қоларди.
«Ал-Кавкабуд дуррий». Рашид Аҳмад Гангуҳий томонидан шогирд- ларига имло қилдириб тузилган шарҳ ҳисобланади. У зот Девбанд «Дорул улум» уламоларидан бўлиб, 1246-1322/1831-1905 йилларда яшаган. Мазкур шарҳга шогирдлар томонидан бир қатор ҳошиялар ҳам ёзилган. Мазкур шарҳда «Сунани Термизий»ни ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ тушунишда зарур маълумотлар келтирилган.
«Ал-Вардуш шазий». Шайхул Ҳинд унвонига эга, 1268-1339/1852-1921 йилларда яшаб ўтган Мавлоно Маҳмуд Ҳасан томонидан битилган шарҳ. Лекин у ҳам Аллома Суютий асари каби мухтасардир.
«Шарҳ Сунани Термизий». Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Қодирий Ҳусайний Мағриб уламоларидан бўлиб, 1350/1931 йили вафот этган. У зот «Оби Замзам» тўғрисида ҳам алоҳида рисола битган.
«Ал-Арфуш шазий тақрир «Жомиъут Термизий». Ушбу шарҳ муаллифи Муҳаммад Анваршоҳ ибн Муаззамшоҳ Ҳанафий Кашмирий бўлиб, у зот 1292-1352/1875-1933 йилларда яшаган. Бу ҳанафий мазҳабидаги муҳим шарҳлардан ҳисобланади. Муаллиф «Сунани Термизий»ни шарҳлашда ўзига хос йўл тутиб, ҳанафий ва шофеъий мазҳабларининг муайян масала доирасидаги далил ва фикрларини қиёсий ўрганган ҳамда ҳанафий мазҳабининг далил ва фикрлари устунроқлигини кўрсатган. Шориҳ ҳадис санади, матннинг лексик таҳлили ва ундан чиқариладиган фиқҳий ҳукмини қисқача таҳлил қилиб чиққан.
Анваршоҳ Кашмирий «Сунани Термизий» асари охирида келтирилган
«ал-Илалус сағир» асарига ҳам «Шифоул ғилал фи шарҳ Китобил илал» номли шарҳ битган.
Китоб 1244/1828 йили Ҳиндистонда, 2004 йили Байрутда «Дору эҳёит туросил арабий» нашриётида беш жилдда чоп этилган.
«Маъорифус сунан». Ушбу шарҳ муаллифи Муҳаммад Юсуф ибн Муҳаммад Закариё Ҳусайний Ҳанафий Баннурий бўлиб, 1326-1397/1907-1977 йилларда яшаган. Олим уни ўзининг устози Анваршоҳ Кашмирийнинг дарс
жараёнида баён этган фикрларига асосланиб ёзган. Ушбу китоб ҳам ҳанафий мазҳабидаги муҳим шарҳлардан бири ҳисобланади. Муаллиф «Сунани Термизий»даги ҳадис санадига тўхталмасдан, матннинг наҳвий таҳлили ва ундан чиқариладиган фиқҳий ҳукмда аҳли суннат ва жамоатдаги тўртта фиқҳий мазҳаб имомлари фикрларини қиёсий таҳлил этганлар. Шунингдек, муайян ҳадис бошқа ҳадис тўпламларида ҳам ривоят қилинган бўлса, улар санаб ўтилган. Қолаверса, Абу Исо Термизий раҳима-ҳуллоҳнинг муайян ҳадис борасида қўллаган ҳадис атамаларига ҳам изоҳлар берилган. Бироқ асар
«Ҳаж китоби»гача бўлиб, шунинг ўзи 6 жилдда нашр қилинган.
«Ал-Мискуз закий» ва «Тақрири Термизий». Мазкур икки асар муаллифи 1280-1362/1863-1943 йилларда яшаган Ашраф Али Таҳонавий бўлиб, Покистоннинг таниқли ҳанафий олимларидан биридир. «Ҳакимул умма» («Уммат донишманди») деган фахрий унвонга эга бўлган. 1500 га яқин асар мерос қолдирган.
«Шарҳ Сунани Термизий». Мағриб уламоларидан бири, Работнинг қўлёзмалар жамғармаси асосчиси, таниқли манбашунос олим Абдулҳай Каттоний (1305-1382/1888-1962) томонидан «Жомиъус сунан»га мазкур номда шарҳ битилган.
«Дарси Термизий» ва «Тақрири Термизий». Ушбу шарҳ муаллифи замонамиз фақиҳ ва муҳаддисларидан бири Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бўлиб, у урду тилида ёзилган. Унинг биринчи жилди муқаддимасида ҳадис илми, унинг тарихи, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва муҳаддислар ҳақида ўта муҳим маълумотлар келтирилган. Шунингдек, шориҳ Абу Исо Термизий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва илмий меросига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Шарҳнинг муҳим хусусиятларидан бири ҳанафий мазҳаби доирасида таҳлил қилинганидир. Унда ҳанафийлик мазҳаби далиллари муфассал берилган, ҳанафийликка етказилган таъналар ва эътирозларга мукаммал жавоблар айтилган. Асарнинг аввалги 3 жилди «Дарси Термизий» деб аталган бўлиб, ибодат мавзуларидаги ҳадислар шарҳ қилинган. Кейинги 2 жилди «Тақрири Термизий» номи билан муомала масалалари, ижтимоий муаммоларга бағишланган ҳадислар изоҳланган.
Мазкур «Дарси Термизий» урду тилида, балки араб тилида ҳам битилган барча шарҳлардан ўзининг кенглиги, ҳанафий мазҳабининг далилларини ўзида тўплагани, бошқа мазҳабларнинг фикрлари ва уларнинг далилларига қониқарли жавоблар берилгани билан устун ҳисобланади. Мазкур шарҳ ҳанафий мазҳабининг ҳадис бўйича далилларини ўрганишда жуда муҳим аҳамият касб этади. Муҳаммад Тақий Усмонийнинг 50 дан ортиқ асарларимавжуд бўлиб, улардан аксариятининг мавзуси замонавий фиқҳий масалаларга, жумладан, банк ва бошқа иқтисодий масалаларга йўналтирилган. Шунинг учун олим бутун дунёда исломий иқтисод бўйича энг етук мутахассислардан бири сифатида танилган.
«Дуруси Термизий». Ҳиндистоннинг Саҳоранпур шаҳридаги
«Мазоҳирул улум» номли машҳур мадрасанинг бош мударрисларидан бири Мавлоно Раисуддин Мазоҳирий томонидан 4 жилдлик «Дуруси Термизий» деб аталган мазкур шарҳ талабаларга маъруза жараёнида тўплаб борилган. Ҳар бир ҳадиснинг урдуча таржимаси, ҳадиснинг батафсил шарҳи, кейин уни далил қилганларнинг фикрлари, унга қарши бўлган томоннинг фикрлари, охирида ҳадис санадида келтирилган ровийларнинг таржимаи ҳоллари зикр қилинган. Шарҳнинг аҳамиятли томони ‒ ҳозирги кундаги ваҳҳобий, салафий сингари тоифаларга раддиялар, ҳанафий олимларнинг уларга қарши айтган фикр ва далиллари бирма-бир келтириб борилган.
«Ташриҳоти Термизий». Давримиз олимларидан Камолиддин Мустаршид томонидан битилган 7 жилдли асар савол-жавоб тарзида тузилган бўлиб, тўрт мазҳаб фиқҳига далил бўлган ҳадислар, уларга ҳанафийларнинг жавоблари қандай бўлиши кабилар бирма-бир ёритилган. У ўзидан олдинги
«Сунани Термизий»га битилган ўн битта шарҳдан фойдаланиб ёзилган.
«Туҳфатул алмаий». Ҳиндистоннинг таниқли ҳадисшуносларидан бири, Девбанд «Дорул улум» мадрасасининг шайхул ҳадис мударриси Муҳаммад Саид Боланпурий томонидан «Туҳфатул алмаий» номли 8 жилд қилиб нашр қилинган шарҳ. Ўзига хос жиҳати шуки, унда Имом Термизийнинг яна иккита асари ‒ «Шамоили набавия» ҳамда «Китобул илал» асарлари ҳам шарҳ қилинган. Бундан ташқари, олимнинг «Раҳматуллоҳил восиъа» номли 5 жилдли асари ҳам шуҳрат қозонган.
Бугунги кунда Покистон ва Ҳиндистон мадрасалари, ислом универ- ситетларида буюк ватандошимиз Имом Термизийнинг учта асари ‒ «Сунани Термизий», «Шамоили набавия» ҳамда «Китобул илал» муттасил ўқитиб келинади. Шунинг натижасида мазкур асарларга нисбатан қизиқиш жуда кучли. Уларнинг ҳар бирига бир неча муҳим шарҳлар битилган. Айтиш даркорки, бу шарҳлар ҳанафий мазҳаби, мотуридий таълимотига мувофиқ битилгани билан ажралиб туради ва улар ана шу жиҳатидан араб юртларида битилган шарҳлардан кўра афзалликларга эга. «Сиҳоҳи ситта» – олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламлари орасида «Сунани Термизий»да ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ келувчи ҳадислар кўп учрайди. Мазкур асарни ҳанафий мазҳаби, мотуридий таълимотига уйғун ҳолда шарҳлаш ишлари эса Ҳинд-Синд
диёрларида ҳозирги кунимизгача тўхтамай давом этиб келмоқда. Ушбу шарҳларни тадқиқ ва таҳлил этиш буюк ватандошимиз, улуғ муҳаддис Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини илмий ўрганишда аҳамиятли экани шубҳасиз.
Дунёнинг кўплаб олимлари «Сунани Термизий»дан олиб мустақил ра- вишда қисқартма ва сайланмалар битган. Жумладан, улардан учтаси ҳақида манбаларда маълумот келтирилган:
«Мухтасар Жомиъит Термизий». Ушбу мухтасар муаллифи Нажмуддин Сулаймон ибн Абдулқавий ибн Абдулкарим Бағдодий Ҳанбалий бўлиб, 657- 716/1259-1316 йилларда яшаган. У зот «Ибн Сарсарий» куняси билан танилган.
«Мухтасар Жомеъит Термизий». Ушбу мухтасар муаллифи 729/1329 йилда вафот этган Нажмуддин Муҳаммад ибн Ақил Болисий Шофиъийдир.
«Ал-Мунтақот». Унда «Сунани Термизий»дан юзта узун ҳадис танлаб олинган. Мазкур асар муаллифи «Салоҳиддин Алоий» номи билан шуҳрат қозонган, 694-761/1295-1359 йилларда яшаган Абу Саъид Халил ибн Кекалди Димашқий ҳисобланади.
Ҳикматуллоҳ Абиев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
- Абдулҳай Лакнавий. ал-Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия маъат Таълиқотис сания. – Қозон, 1902.
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Тазкиратул ҳуффоз. 4 жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доиратил маъорифин низомия, 1915.
- Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. ал-Жомиъул кабир. 6 жилд. – Байрут: Дор ғарбил исломий, 1998.
- Абу Исо Муҳаммад Термизий. Шамоили Муҳаммадия / Нашрга тайёрловчи: Мирзо Кенжабек. – Тошкент: Шарқ, 2015.
- Абу Исо Муҳаммад Термизий. Шамоили Муҳаммадия / Таржима ва шарҳ муаллифи: Зиёвуддин Раҳим. – Тошкент: Шарқ, 2020.
- Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий. Абу Ҳанифа ва Асҳобуҳул муҳаддисун // Муқаддимат «Эълоус сунан». 19-жузъ. – Байрут: Дорул фикр, 2001.
- Котиб Чалабий Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. 2 жилд. – Истанбул, 1893.
- Мовароуннаҳр алломаларининг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссалари / Муаллифлар: У.Уватов, М.Алимова, И.Усмонов, Д.Муратов, Н.Муҳамедов, Д.Раҳимжонов. Масъул муҳаррир: И.Усмонов. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2011.
- Муҳаммад Тақий Усмоний. Дарси Термизий. 3-жилд. – Карочи: Дорул улум, 2010.
- Муҳаммад Тақий Усмоний. Тақрири Термизий. 2 жилд. ‒ Карочи: Маймани исломик, 1999.
- Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. 1-8 жузлар / Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва таржимонлар гуруҳи. – Тошкент: Hilol-nashr, 2012-2013-2014-2018.