Имом Термизий мероси ёш авлодни камолотга элтувчи маёқ

by Matbuot xizmati
20 👁️

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда тарихий хотирани тиклаш, буюк аждодлардан қолган маънавий меросни ўрганиш ва уни янги авлод онгига сингдириш, дунёга кенг тарғиб қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлар халқимизга ўзининг юксак маънавияти ва бой қадриятини қайта кашф этишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай эзгу ишларга кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида юз берган ўзгариш ва янгиланишлар ҳам яққол мисол бўлади. Ўтмишда ислом олами учун кўплаб беназир алломаларни тарбиялаб, камолга етказган Термиз шаҳрида буюк ҳадисшунос олим Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, Термизий ва Термизий алломаларнинг меросини илмий асосда чуқур ўрганиш учун барча шароит яратилди. Эндиликда бу марказ нафақат буюк алломалар ҳаёти ва меросини ўрганишга, балки унинг илмий ютуқларини жаҳон илм майдонига олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Марказ қошидаги бой кутубхона ҳам ёшларга билим бериш ва илмий изланишларни ривожлантиришга йўналтирилган. 

Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилиб, ёш авлодга ҳадис, фиқҳ, ақида, тил ва бошқа исломий фанларни мукаммал ўргатиш, Имом Термизий номидаги Ислом институти очилиб, олий диний таълим даражасида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, ўтган йил Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. 

Яратилган бундай имкониятлар натижасида илмий марказда ҳадис илмининг буюк мутахассиси сифатида тан олинган Имом Абу Исо ат-Термизийнинг бой илмий мероси нафақат янада кенг ўрганилмоқда, балки талабаларга ўқитилиб, ибратли ҳаёт йўли билан яқиндан таништирилмоқда. 

Буюк аллома Имом Термизий ҳижрий 209 йил (милодий 824) Термиз атрофида туғилган. У ҳадис илмининг энг нуфузли алломаларидан бири бўлиб, Имом Бухорий, Имом Муслим сингари буюк муҳаддисларга ҳамфикр ва замондош бўлган. У ўз умрини ҳадис тўплаш, унинг мазмунини тушунтириш ва ҳақиқий ислом қадриятларини ёритишга бағишлаган.

Имом Термизийнинг энг машҳур асари – “Жомеъус-Саҳиҳ” (ёки Сунан ат-Термизий) деб номланадиган ҳадис тўпламидир. Бу китоб нафақат диний аҳкомлар, балки инсон ҳаётидаги ҳар бир муҳим жиҳат – одоб, ахлоқ, сабр, оила, жамият ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикматли сўзлари ва амалий кўрсатмаларига бойлиги билан мусулмон оламида жуда қадрланади. 

Дунёда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган фикрлар хилма-хиллиги даврида буюк аждодларимиз меросидан баҳраманд бўлиш, уларни ўқиб, ўрганиш талабаларнинг ислом дини асл моҳияти билан янада яқин танишишига кўмаклашади. Зеро, Имом Термизий ҳазратларининг ҳар бир ҳадисида улкан маъно, ҳаётий сабоқ, тарбиявий куч бор. Шу боис ҳам ул зотнинг асарлари олий таълим муассасаси талабалари ва ўрта махсус диний таълим муассасаси ўқувчиларига дарслик сифатида ўқитилмоқда.

Бу ҳадисларни мутолаа қилаётган талабалар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳаёти ва шахсияти билан яқиндан танишиб, инсоний фазилатлар – ростгўйлик, ҳалоллик, бағрикенглик, камтарлик каби хулқларни ўрганмоқда. Ёшларнинг фақат маънавий эмас, балки фикрлаш, таҳлил қилиш, савол бериш ва далил келтириш қобилияти ривожланяпти. 

Кези келганда шуни ҳам айтиш лозимки, ахборот алмашинуви шиддат билан тезлашаётган ҳозирги кунда дунёдаги кўплаб ёшлар ахлоқий таназзул, ахборот ҳужумлари ва нотўғри ғоялар таъсирига дуч келмоқда. Бу жараёнда ёшларимизнинг қалбида эътиқод, ақидавий барқарорлик ва маънавий дунёқарашни мустаҳкамлаш учун ўз алломаларимиз меросига суяниш – энг тўғри йўл.

Имом Термизий асарлари ўқувчиларини фақат диний жиҳатдан эмас, балки чин инсонга хос фазилатлар билан ҳам тарбиялаб, камолга етказишга кўмаклашади. Ҳадислар орқали инсон қалбига оддий ҳаётий масалалар – ота-онага яхшилик қилиш, оилада муҳитни сақлаш, қўшнилар билан ўзаро ҳурмат, фарзанд тарбияси каби хислатларни сингдиради. Шу маънода улуғ алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси билан ёшларни чуқур таништириш орқали улуғ алломаларимизни дунёга кенг тарғиб қилишимиз, келгуси авлодларга етказишга муносиб ҳисса қўшишимиз, Имом Термизий каби буюк аждодларимиз асарларига суяниб, юксак маънавиятли, билимли ва ақл-заковатли ёш авлодни тарбиялашимиз, ислом дини таълимотини мукаммал эгаллаган кадрларни тайёрлашимиз мумкин. 

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика