
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 14 февралдаги ПҚ-2774-сон қарори асосида ташкил этилган.
Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш;
- турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш;
- Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;
- мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
- маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга доир тегишли илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш.
Бугунги кунда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида 10 нафар илмий ходим фаолият кўрсатади. Шундан 4 нафари илмий даражага эга бўлган исломшунос, манбашунослардир.
Марказда Илмий-тадқиқот бўлими, Халқаро алоқалар ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими, Ахборот-рeсурс маркази, Ахборот тeхнологиялари ва мультимeдиа бўлими, Нашрлар бўлими фаолият олиб боради.
Илмий тадқиқот бўлимининг асосий мақсади – ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг бой маънавий меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришдир.
Халқаро алоқалар ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўлимининг асосий мақсади – Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этишдан иборат.
Ахборот тeхнологиялари ва мультимeдиа бўлими замонавий ахборот-коммуникациялардан унумли фойдаланган ҳолда аждодларимизнинг маънавий меросини кенг оммага тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бўлим томонидан Имом Термизий, термизийлар ва мовароуннаҳрлик мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда бой маънавий меросига оид мақола, видео, аудио, инфографика материаллар Марказнинг www.termiziy.uz сайти ва ижтимоий тармоқларида жойлаштириб борилади. Ҳозирги кунда бўлимда барча имконият ва шарт-шароитларга эга бўлган алоҳида медиа студия фаолият юритмоқда.
Нашрлар бўлимининг асосий мақсади – Марказ илмий-ходимлари томонидан нашрга тайёрланадиган Термизий ва Мовароуннаҳр алломаларининг ҳаёти ва меросига оид китоб ва рисолаларни ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган тезис-мақолалар, хабарларни таҳрир этиб, нашрга тайёрлашдан иборат.